Эътиқод ва виждон эрпкинлиги инсон ҳуқуқларининг энг муҳим
асосларидан бири. Унга дахл қилиш дунёнинг кўпгина мамлакатларида жиддий
жиноятлар сирасига киради.
Шунга қарамай, Марказий Осиёгнинг бир қатор мамлакатларида,
жумладан Ўзбекистонда ҳам диний ғояларни ноқонуний равишда тарқатиш асосий
муаммолардан бири бўлиб қолаётир. Бу каби эътиқодни ўзгартириш таклифлари
асосан ўз асл қиёфасини турли ниқоблар ортига яширишга уринаётган
протестант-насроний ташкилотлари томонидан илгари сурилмоқда.
Улардан бири Украинада ташкил этилган Тернополь миссионерлик институти
(ТМИ)дир. Мазкур институт ва унинг қошида ташкил этилган аллақандай "Мадад
қалби” гуруҳи дунёнинг 50 мамлакатида мусулмонлар учун черковлар тармоғини
ташкил этишган.
Уларнинг ўз олдига қўйган вазифаларидан бири Евангелист- "Инжил”чиларга Исо
Масиҳга ишонадиган одамларни ўзлари томонга оғдиришга кўмаклашишдан иборат.
Уларнинг сайтларида Осиё ва Африканинг бир қатор мамлакатларида олиб
борган тарғибот ишларининг "натижаси”н кўрсатувчи фото ва видеолавҳалар ўрин
олган.
Ушбу институт раҳбари М.Резникнинг маълумотларига кўра, бу ташкилот 2000 йилда
ўз фаолиятини бошлаган. Худди ўша пайтда Худо унинг тушига кириб,
"мусулмонларни насронийга айлантириш ҳақида” махсус кўрсатма берганмиш. Бу эса,
руҳий касалларга хос бемаъни васвасадан бошқа нарса эмаслиги яққол кўриниб
турибди.
Орадан кўп ўтмай, Тернополь миссионерлик институти директори Михаил Резникнинг
ўзи мусулмонларни бошқа эътиқодга чорлаш учун марказий осиё мамлакатларидан
бирига кўчиб келган.
Бироқ, ҳеч ким "миссионерлар фаолият олиб бораётган бу ҳудудларда аслида
маҳаллий аҳолининг табиатига мутлақо ёт бўлган "Инжил”чилик
(еванглистлик) таълимотини қабул қилишга эҳтиёжи бормикин?” деган саволни бериб
кўрмади. Миссионерлар эса, содда одамларнинг онгига "атрофини зулмат ва
залолта ўраб олгани”, бундан қутулиш ва тўппа-тўғри жаннатга тушиш учун
эътиқодни ўзгартириш лозимлиги, айнан "улар кўрсатган йўлдан юриши” лозимлигини
қуя бошлашади.
Афсуски, бу мудҳиш таълимотнинг макрига учганлар сафи кенгайиб бораётир.
Ўтган тўрт йилга яқин вақт мобайнида 700 дан кўпроқ собиқ мусулмонлар ўз
эътиқодини ўзгартириб, ТМИ тузоғига тушиб қолган. Миссионерлар эса, бу билан
чекланиб қолмоқчи эмас. Улар ўз қамровини янада кенгайтиришни кўзламоқда. Сайт
маълумотларига қараганда, бундан ташқари улар яна саккизта лойиҳа бўйича иш
олиб боришмоқда.
"Бу фақат бошланиши, - деб ёзади Михаил Резник. – Бугунги кунда миллионлаб инсонлар
Исо Масиҳ ҳақида етарлича маълумотга эга эмас. Бизнинг мақсадимиз эса, бутун Ер
юзидаги мусулмонларнинг Исо Масиҳга иймон келтиришига ундашдан иборатдир”.
Ҳар қалай, Тернополь миссионерлик институти "ходимлари”нинг Ўзбекистон ҳудудида
пайдо бўлиши кишининг дилини хира қиладиган ҳолат. Украинада махсус диний
таълим олиб қайтган бу кимсалар айни пайтда юртимизда ноқонуний миссионерлик
фаолиятини олиб боришмоқда.
Аммо, шуни ҳам унутмасли керакки, эртами-кечми бу кимсалар ўзларининг бундай
ножўя ҳатти-ҳаракатлари учун қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка
тортирилишлари муқаррар.
Manba:darakchi.uz