Шифокорлар қайси оммабоп таомларни саломатлик учун энг хавфли деб ҳисоблайди ва нима учун? Қуйида эътиборингизга энг зарарли маҳсулотларнинг обзорини тақдим этамиз.
1. Чипслар ва картошка-фри
Чипслар. Картошка қандай кўринишда тайёрланишидан қатъи назар, бу сабзавотнинг ўзи фойдали маҳсулот ҳисобланмайди. Чипслар шаклида эса унда табиий моддалардн асар ҳам қолмайди. Фақат канцерогенлар, ёғлар, ароматизаторлар ва таъмни кучайтирувчи моддалар қолади, холос. Чипсларни тез-тез истеъмол қилиш онкологик касалликларни ва семиришни келтириб чиқаради. Картошка-фри ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин.
2. Бургерлар ва хот-доглар
Фаст-фуднинг тез тайёрланиши ва арзонлигидан ташқари бошқа бирор бир ижобий томонини айта оласизми? Албатта, йўқ. Оч қоринни тўйдириш учун пишлоқ, сабзавотлар, салат барглари ва креветкалардан ҳам худди шундай бутерброд тайёрлаш мумкин. Фақат унга қайла ва майонез солманг.
3. Ширин газли ичимликлар
Пуфакчаларга бой бўялган ичимлик сувда эритилган гуашдан кўра зарарлироқ. Фаст-фудни газли сув билан тамадди қилиш керак, деган фикр мавжуд, аммо бу ундай эмас: газли ичимликлар очлик ҳиссини бўғади ва бу билан яна бир гамбургерни ейишга мажбур этади.
4. Майонез ва кетчуп
Сўз дўконда сотиладиган майонез ҳақида бормоқда. Агар ушбу маҳсулотни истеъмол қилиш тўхтатилса, икки ҳафтадан кейин белингиз бир неча сантиметрга кичрайганини сезасиз. Майонезнинг ёнига кетчуп ва турли-туман қайлаларни ҳам қўшиш мумкин. Уларнинг таркибида ароматизаторлар, ёғлар ва таъмни кучайтирувчи сунъий моддалар бор.
5. Туз ва қанд
Тузни ҳам, қандни ҳам "оқ ўлим” дейишларини яхши биламиз. Туз организмдаги сувнинг ҳаракатига тўсқинлик қилади ва кераксиз жойларда тўпланиб қолади. Қанд эса озишни хоҳловчиларнинг биринчи рақамли душмани. Бироқ ушбу маҳсулотлардан буткул воз кечиб ҳам бўлмайди, аммо агар овқатга камроқ туз солинса, туз билан бузилмаган маҳсулотларнинг табиий таъмига тезда ўрганиб қолиш мумкин. Қандни эса асалга алмаштирса бўлади.
6. Колбасалар, дудланган маҳсулотлар
Сосискалар айнан нимадан тайёрланганини ва улар чиқарилганига неча ҳафта бўлганини ким билади? Гўштни тузлаш ва дудлаш уни узоқроқ сақлаш учун керак холос. Табиийки, вақт ўтиши билан улардаги фойдали элементлар йўқолади, аммо колбасада ўлимтик заҳар пайдо бўлиши тўхтамайди. Бироқ сиз буни сезмайсиз, чунки унга турли ароматизаторлар ва таъмни кучайтирувчи моддалар қўшилган-да.
7. Тез тайёрланадиган угра ва пюре
Мол гўшти, товуқ гўшти, креветкалар, қўзиқоринлар ва қайлали спагетти – пакетлардаги мўъжизавий овқатларни ишлаб чиқарувчилар ана шундай шоҳона нонушта, тушлик ва кечки овқатни таклиф этишади. Аслида эса турли-туман овқатга қўшиладиган моддалардан иборат иссиқ "микс”га эга бўламиз. Бундай "комбикорм” мунтазам равишда истеъмол қилинганида организмдаги тизим бузилади. Организм овқат ва калорияларни олгандай бўлди-ю, бироқ улар моддаларнинг нормал фаолияти учун ҳақиқатан ҳам керак бўлганидан жуда кам миқдорда олинади. Озуқадан маҳрум бўлган организм мияга SOS сигналини юборади ва биз яна овқатланишни хоҳлаймиз. Ушбу рўйхатга яна бир талай консервантлар, стабилизаторлар, қуюқлаштирувчи моддалар, эмульгаторлар, бўёвчи моддалар ва таъмни кучайтирувчи моддаларни ҳам қўшадиган бўлсак, бу маҳсулотда кимёвий моддалардан бошқа ҳеч нарса йўқлигини тушунамиз.
8. Попкорн
Маккажўхорининг ўзи саломалик учун мутлақо хавфли эмас. Ҳа, унда углеводлар ва крахмаллар бор, калорияси ҳам оз эмас – 100 грамм маҳсулотда 330 ккал. Аммо унинг таркибида бириктирувчи моддалар ва яна бир талай фойдали моддалар, хусусан, А, С, Е витаминлари, тиамин, ниацин, фолий кислотаси, темир, калий, магний, фосфор, рух моддалари бор. Агар попкорн шунчаки қовурилган маккажўхори донларидан иборат бўлганида эди, энг зарарли маҳсулотлар рейтингидан ўрин олмасди. Бироқ унга ёғ, туз, шакар, карамелизаторлар, бўёвчи моддалар, таъмни кучайтирувчи моддалар, ароматизаторлар қўшилганидан кейин ҳаммаси ўзгаради. Айтгандай, анъанавий тузли попкорндаги туз моддаси шу даражада кўпки, бу камида қон босимининг ошишига ва буйраклар фаолиятидаги бузилишларга олиб келиши мумкин.
9. Спиртли ичимликлар
Бош мия пўстидаги дегенератив бузилишлар, жигарнинг шикастланиши, онкология, генетик мутациялар – буларнинг ҳаммасини одамлар яхши билади. Ичкиликка ружу қўйган кишилар одатда ўртача умрдан 10-15 йил кам яшайди. Юқорида санаб ўтилган касалликлардан ташқари, уларни психиканинг бузилиши, депрессив ҳолатлар таъқиб қилади. Барча суиқасдларнинг учдан бир қисми ва автоҳалокатларнинг 50% айнан маст ҳолатда юз беради.
10. Шоколадли батончиклар ва чайналадиган конфетлар
Ушбу маҳсулотларнинг гликемик индекси жуда юқори, яъни уларнинг таркибидаги қанд моддаси деярли шу заҳотиёқ ўзлаштирилади. Уларда асал ва қуруқ мевалардан фарқли ўлароқ бирортаям фойдали модда йўқ. Бундан ташқари, ёрқин рангли сўриладиган қандлар, шакар-қиёмли конфетлар ва чайналадиган мармеладларни озиқ-овқат маҳсулоти деб аташ ҳам қийин. Улар қанд ўрнини босувчи моддалар, стабилизаторлар, қуюлтирувчи, желеловчи, бўёвчи моддалар, эмульгаторлар ва ҳоказоларнинг аралашмасидан иборат.