Солиқлардан тўлашдан бош тортганлиги учун қамоқ жазосига
ҳукм қилинган таниқли дизайнерлар Доменико Дольче ва Стефано Габбана суд
қарорига норозилик билдириб, Милан шаҳридаги дўконларини ёпдилар.
Бутикларнинг бирининг ойнасига шундай ёзув илиб қўйилган:
"Норозилик сифатида ёпиқ". Бунга Милан шаҳар маслаҳатчиси Франко
ДАльфонсонинг улар ҳақидаги фикри ҳам сабаб бўлди. Франконинг фикрича Дольче ва
Габбана сентябр ойида Миланда бўлиб ўтадиган мода ҳафталигида ўз маҳсулотларини
кўрсатишлари керак эмас. "Бизнинг номимиздан солиқ тўламайдиганлар иштирок
этишини истамаймиз", — дейди ДАльфонсо. Британиянинг Telegraph газетасининг
ёзишича, маслаҳатча кейинроқ узр сўраб, унинг фикри шаҳар маъмурияти позициясин
белгиламаслигини айтиб ўтган.
Дольче ва Габбана жума куни Миландаги жами 9та дўконни
ёпишган.
Эслатиб ўтамиз, Италия суди Дольче ва Габбанани бир йилу саккиз ой қамоқ
жазосига ҳукм қилган. Бунга уларнинг қарийб миллиард евро миқдорида солиқни
тўламагани сабаб бўлган.
Тергов натижаларига кўра, 2004 йили Люксембургда Dolce & Gabbana Luxemburg
sarl ва Gado sarl иккита компанияси ташкил вақтдан бошлаб, ушбу машҳур модалар
уйи раҳбарияти солиқ хужжатларини сохталаштириб келганлар. Дизайнерларнинг
адвокатлари апелляция бериши ҳақида маълум қилишган.
Дольче ва Габбана 1980 йилда, Миландаги ательеда ёрдамчи бўлиб ишлаб юрган
кезларида танишишган. 1985 йили дизайнерлар Милан шаҳрида бўлиб ўтган ёш
модельерларнинг мода ҳафталигида илк марта ўз ижод намуналари билан иштирок
этишган. Айнан ўша йили Dolce & Gabbana брендига асос солинган.
Manba:darakchi.uz