"Меҳр нури” жамғармасининг соғлиқни сақлаш тизими, ижтимоий муассасаларни реконструкциялаш ва жиҳозлаш соҳасидаги навбатдаги лойиҳаси — Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳудудида янги спорт мажмуасининг очилиш маросими 2012 йил 30 май куни бўлиб ўтади.Лойиҳа доирасида 2 қаватли янги спорт мажмуаси қуриб битирилди, бино зарур спорт анжомлари ва мебеллар билан жиҳозланди.
1972 йилда Марказий Осиё Республикалари учун юқори малакали шифокор-педиатрлар тайёрлаш мақсадида Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия институти ташкил этилган эди. 1988 йилда у Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарамоғига ўтказилган ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти деб юритила бошланган. Бугунги кунда олийгоҳда 3 та факультет фаолият кўрсатмоқда, булар: 1-педиатрия, 2-педиатрия ва тиббий-педагогика факультетларидир. Бундан ташқари, олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш бўлими ҳам мавжуд. Даргоҳда умумий ҳисобда 4200 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Шу кунгача Тошкент педиатрия тиббиёт институти махсус спорт мажмуасига эга эмас эди. Академик машғулотларнинг деярли барчаси қўшни "Энергетик” майдони ҳудудида ўтказиларди. 1998 йилда институтда ноанъанавий спорт зали фойдаланишга топширилиб, у ерда жисмоний тарбия ҳамда турли спорт йўналишлари бўйича машғулотлар ўтказиларди.
"Меҳр нури” жамғармаси ташаббуси билан 2011 йилнинг август ойидан 2012 йилнинг май ойига қадар қуйидаги ишлар амалга оширилди: 2880 квадрат метр майдонни эгаллаган 2 қаватли спорт мажмуаси биносида оғир атлетика, кураш, гимнастика ва фитнес секциялари, мини-футбол, баскетбол, волейбол учун майдонлар, тренажер зали, 150 кишига мўлжалланган трибуна, кафедра учун 4 та хона, буфет, кийиниш, ювиниш хоналари қад ростлади. Бино барча зарур спорт анжомлари ва мебель билан тўлиқ жиҳозланган. Янги спорт мажмуасида олийгоҳ табалари ва ўқитувчилари академик машғулотлар билан бир қаторда спортнинг турли йўналишлари бўйича шуғулланиб боришади. Билим даргоҳи ходимларининг сўзларига кўра, "Меҳр нури” жамғармаси ташаббуси билан барпо этилган спорт мажмуасининг заллари, секциялари ва замонавий жиҳозлари институт талаба-ўқитувчиларига кўп йиллар мобайнида хизмат қилиши ҳамда мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги спорт беллашувларида янги натижаларга эришиш, янги рекордлар ўрнатишда ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз, "Меҳр нури” жамғармаси 2004 йилдан бери туғуруқхоналар, поликлиникалар, болалар боғчалари, мактаблар, мадрасалар ва бошқа ижтимоий объектларни таъмирлаш, уларнинг замонавий жиҳозлар билан таъминланишида кўмаклашиш, иқтидорли ёшлар, тадбиркор аёллар ва фермерларни кўллаб-қувватлашга, ўзбек ҳалқининг маҳалла қадриятлари, саҳоват ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби қадимий анъаналарини тиклашга ҳисса қўшишга қаратилган қатор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бундан ташқари жамғама кам таъминланган оилаларга маблағ ажратиш бўйича лойиҳа муассиси бўлиб, унга кўра ҳар бир оила учун очилган махсус ҳисоб рақамларига ойда бир маротаба пут ўтказилади. Бундан ташқари, "Меҳр нури” жамғармаси қуйидаги йўналишлар бўйича фаолият олиб бормоқда: кам таъминланган ва кўп болали оилаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ёрдам бериш; ўқув, соғлиқни сақлаш ташкилотларига, шунингдек, бевосита ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш билан шуғулланадиган ташкилотларга ҳомийлик ёрдамини кўрсатиш; оналик ва оила қадриятларини асраб-авайлаб келаётган аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш; таҳсил олаётган ва иқтидорли ёшларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш кабилар.
20 ёшгача ўсмирлар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионати - 2012
2012 йил 30 майдан 7 июнгача пойтахтимизда 20 ёшгача ўсмирлар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Беллашувларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон ва Вьетнам вакилларидан иборат жами 50 дан ортиқ ёш ва иқтидорли шахматчилар иштирок этишади.Пойтахтимизда бундай юқори даражадаги чемпионат илк маротаба ўтказилмоқда. Ташкилотчилар: Фонд Форум, Ўзбекистон шахмат федерацияси, Осиё шахмат федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросими 30 май куни соат 14.00 да Ўзбекистон шахмат федерациясида бўлиб ўтди. Чемпионат Швейцария тизими бўйича 9 турда ўтказилади. 30 майдан 7 июнга қадар ҳар куни соат 14.00да биттадан тур ташкил этилади. 7 июнь куни соат 15.00 дан 18.00 гача 7 та блиц шахмат тури ўтказилади.
Ёпилиш маросими ва чемпионларни тақдирлаш маросими 7 июнь куни соат 19.00 да Ўзбекистон шахмат федерациясида бўлиб ўтади. Ҳар бир беллашув ва категорияларда энг яхши учлик тақдирланади (стандарт шахмат ва блиц шахмат бўйича турнирлар). Ўсмир қизлар ва ўғиллар ўртасида Осиё чемпионларига Халқаро шахмат устаси ва Аёл халқаро шахмат устаси унвонлари берилади. Соф биринчи ўрин 9 партиялик Гроссмейстер ва Аёл гроссмейстер мақоми билан баробар бўлади.
20 ёшгача ўсмирлар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этадиган мамлакатимиз вакиллари:
1. Артеменко О. – Эркаклар ўртасида Ўзбекистон олий лигаси совриндори-2011.
2. Қурбонбоева С. – 20 ёшгача Ўзбекистон чемпиони-2011, олий лига совриндори-2011.
3. Хорошев Н. – 20 ёшгача Ўзбекистон чемпиони-2011.
4.Тохиржонова Г. – Жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби-2011.
5. Воҳидов Д. – 18 ёшгача Осиё чемпионати совриндори-2011.
6. Алиқулов Э. – Ўзбекистон чемпионатида 2-ўрин-2011.
7. Губайдулин Т. – 20 ёшгача Ўзбекистон чемпионатида 3-ўрин-2011.
8. Вербова Е. - 20 ёшгача Ўзбекистон чемпионатида 2-ўрин-2011.
9. Қаҳрамонова М. - 20 ёшгача Ўзбекистон чемпионатида 3-ўрин-2011.
10. Гусейнов А. – 18 ёшгача Ўзбекистон чемпионатида 1-ўрин-2012.
11. Сатторов Б. – 18 ёшгача Ўзбекистон чемпионатида 2-ўрин-2012.
12. Бегмуродова А. – 18 ёшгача Ўзбекистон чемпионатида 3-ўрин-2012.
13. Хурсанова Ф. – 18 ёшгача Ўзбекистон чемпионатида 2-ўрин-2012.
Фонд Форум кўплаб спорт турлари, жумладан, шахматни ривожлантириш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. Масалан, жамғарма қошида Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида очилган Болалар ижодиёти марказларида болалар учун шахмат тўгараклари ташкил этилган бўлиб, у ерда етакчи мутахассислар мураббийлик қилишади. Бундан ташқари марказлар ўртасида Мустақиллик кунига бағишланган мусобақалар, Болалар ўртасида Тошкент шаҳар турнири, Ўсмирлар чемпионати сингари мусобақалар мунтазам ўтказиб турилади. Шунингдек, Фонд Форум "Олтин куз” шахмат фестивали, Янги йил турнири каби шахмат бўйича мусобақалар ташкилотчилари қаторидан ўрин олган. 2011 йилнинг март ойида Фонд Форум ва Ўзбекистон шахмат федерацияси пойтахтимизда шахмат олами юлдузлари — амалдаги жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд ва шахмат бўйича 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил этишди. Ёш шахматчиларимиз билан бир вақтнинг ўзида ўйин сеанси ўтказган чемпионлар ёшларимизнинг иқтидори ва маҳоратига тан беришди.