Бугун, 17 декабрь куни Dedeman Silk Road меҳмонхонасида Artel савдо белгиси
охирги авлод телефонларининг дастлабки бешта моделини тақдим этди ва бу билан
мобил техникани ишлаб чиқарувчи биринчи ўзбек компаниясига айланди.
Қисқа муддат ичида маиший техникани ишлаб чиқарувчи ишончли компания номини
олган Artel савдо белгисининг мобил телефонлари линейкаси 5 та модел билан
очилди: Aid5, Komi3 (dual sim), U30 (dual sim), H20 ва D83.
Аппаратларнинг ҳаммаси Android 4.0 ва 2.3.6 операцион тизимида ишлайди. Artel
уяли алоқа телефонлари жаҳон андозаларига мувофиқ 4 дюймгача бўлган ўлчамдаги
дисплей, MSM 8225, 1200 MGz ва MTK 6515MВ, 1000 MGz процессорлари, 4 Gb гача
бўлган хотира карталари билан жиҳозланган. Шунингдек телефонларга диодли
ёруғлик чақнаши, автофокус, макро тасвирга олиш режими, 8 каррали zoom ва
чеҳраларни таниб олиш функцияларига эга 5MP гача бўлган фотокамералар ҳам ўрнатилган.
Плеер MPEG4, H.264, H.263, VP6, VP8, Windows Media, Flash 10, 3GP, MP4, AVI
каби оммабоп видео ва MP3, MIDI, AMR, WAV, AWB, WMA, AAC каби аудио форматларни
кўтаради.
Интернетга WAP, GPRS, EDGE, e-mail POP/SMTP, HTML, email IMAP4 технологиялари
орқали уланиш мумкин. Телефонларда Овозлар тўплами ва овоз билан бошқариш, USB,
Wi-Fi ва Bluetooth мавжуд.
Artel аппаратлари шарқона муҳитни ҳисобга олган ҳолда яратилган. Хусусан,
тиллар, рингтонлар, обойлар ва мавзуларнинг стандарт тўпламидан ташқари, Artel телефонларига
ўзбек ва рус тиллари, шарқ тароналаридан иборат рингтонлар, обойлар, мавзулар
ва Ўзбекистонни эсга солувчи скринсейверлар ўрнатилган.
Artel уяли алоқа телефонлари ўзининг импорт аналогларидан 30% га арзон бўлади.
Шунингдек, компания бир йил давомида бутун республика бўйлаб бепул сервис
хизматларини тақдим этади.
2012 йил охиригача компания 40 мингта телефон ишлаб чиқаради, 2013 йилда ишлаб
чиқариш ҳажмини 500 минг аппаратга етказиш режалаштирилган. Кейинчалик эса
уларнинг ҳажми йилига 2 млн.донани ташкил этади.
Artel савдо белгиси эришилган ютуқлар билан чекланиб қолиш нияти йўқ ва тез
орада планшетлар, коммуникаторлар ва USB-модемларни ишлаб чиқара бошлайди.
Artel уяли алоқа телефонларининг савдоси шу йилнинг 20 декабридан бошланади.