Айни пайтгача мамлакатимиз олий ўқув юртларига хужжат
топширган абитуриентлар сони 447 мингтадан ошиб кетди. Давлат тест марказининг
сайтида қайд этилган кўрсаткичларга кўра, 19 июлга келиб ана шунча абитуриент
олий таълим олиш истагини билдирган.
Бу ўзига ҳос рекорд натижа ҳисобаланди, зеро ўтган йили ҳужжат топширганлар
сони 431,5 минг кишини ташкил этган. Қолаверса бугун, яъни ҳужжат қабул
қилишнинг сўнгги куни мобайнида ҳам яна кўплаб абитуриентлар аризаларини
комиссияга топширадилар.
Бироқ, айрим ўқувчиларимизнинг бизга маълум қилишларича, баъзи таълим
муассасалари қабул комиссияларида иш тўғри йўлга қўйилмаган. Жумладан Нодира
исмли ўқувчимизнинг қайд этишича, шу йилнинг 17 июл куни у Тошкент
архитектура ва қурилиш институтига жияни билан ҳужжат топширишга борган ва
рўйҳатга 157 - бўлиб ёзилган. Кечгача навбати етиб келмагани сабабли, қабул
комиссиясидагилар эртага рўйҳат тўхтаган жойдан давом этишини айтиб уларни
жўнатишган.
Бироқ эртаси куни яна янги рўйҳат бўйича хужжатлар қабул
қилинган. Учинчи куни навбатга 231-бўлиб ёзилган Нодира яна мақсадига
етолмаган. Унинг айтишича, шу куни 100 нафар абитуриентдан ҳужжат қабул
қилиниб, қолган 311 тасига рўйҳат ва навбат асосида соат 19:20 ларда талон
тарқатилган.
"2009 йилда Ўзбекистон Миллий Университетига ҳужжат топширган ва талаба
бўлгач 2 йил қабул комиссиясида кўнгилли бўлиб ишлаганман. Аммо 3 йил давомида
бунақа ҳодиса кузатилмаганди. Биламизки ҳужжатлар 20 июлгача қабул қилинади.
Беиҳтиёр савол туғилади: 1 ой давомида ёки бир ҳафта давомида 400 та одамдан
ҳужжат қабул қила олишмаган бўлишса, улар бу ишни бир кунда қанақасига
уддалашмоқчи? Ёки охирги кунда қабул комиссиясидагилар бошқача иштиёқ билан
ишлашадими?" деб, савол қўяди Нодира.
Эслатиб ўтамиз, бугун 20 июл, қабулнинг сўнгги куни. Мавжуд ўрнатилган тартибга
мувофиқ, қабул комиссиялари бугун энг охирги абитуриентнинг хужжатини қабул
қилгунга қадар фаолият юритиши керак.
ОЎЮда тест имтиҳонлари 1 август куни ўтказилади. Янги ўқув йили учун 56,7 минг
бакалавр қабул қилинади. Шундан 19 минги давлат гранти асосида, 37 мингдан
зиёди тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Manba:darakchi.uz