"Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада
такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига асосан
мамлакатимизда биометрик паспортлар топшириш давом этмоқда.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ мамлакатимиз 2015 йил охиригача биометрик паспорт
тизимига тўлиқ ўтади. Бироқ кейинги пайтларда биометрик паспорт билан боғлиқ
турли гап-сўзлар, хусусан олий ўқув юртига ҳужжат топшираётган абитуриентлардан
янги намунадаги биометрик паспорт талаб қилинаётгани
айтилганди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хорижга
чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек
Тошхўжаев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирининг шу ва паспорт
тизимига оид бошқа саволларига жавоб берди.
– Биометрик паспорт биринчи навбатда қандай ҳолларда расмийлаштирилади?
– Биометрик паспортлар биринчи навбатда шахснинг 16 ёшга
тўлиши, амалдаги паспортнинг амал қилиш муддати тугаганлиги муносабати билан,
паспорт йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келганда, биографик маълумотлар
ўзгарганда, вояга етмаган фуқаро чет элга чиқаётганда расмийлаштирилади.
ИКАО тавсиялари инобатга олинган ҳолда, фуқаро паспорти 10
йил муддатга берилади. Бундан ташқари, мамлакатимиздан чет давлатларга чиқмоқчи
бўлган 16 ёшгача бўлган болаларга паспортлар 5 йилгача бўлган муддатга
берилади. Айрим ҳолларда хорижга чиқаётган пайтда 15 ёшдан ошган, аммо 16 ёшга
тўлмаган шахсларга ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти берилиши
мумкин.
Жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда доимий
яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга хорижга чиқиш зарурияти туғилганда
биометрик ҳаракатланиш ҳужжати 5 йил муддатга берилади.
– Янги паспортларни олиш тартиби қандай?
– Фуқаролар биометрик паспорт олиш учун ўзлари доимий яшаб
келаётган жойдаги биометрик маълумотларни йиғиш пунктларига, яъни ички ишлар
органларининг хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига
мурожаат қилишлари мумкин. Улар бунинг учун Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган
махсус шаклдаги анкета-аризани тўлдириши ва унга шахсини тасдиқловчи тегишли
ҳужжат – амалдаги паспорти ёки биринчи марта олаётганлар туғилганлиги ҳақида
гувоҳномани, давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанцияни илова қилиши керак.
Паспорт эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси
ўзгарганлиги ёки ёзувларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати
билан алмаштирилаётганида, фуқаро маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни
тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.
Биометрик маълумотларни йиғиш пункти оператори фуқароларнинг
биографик ва биометрик маълумотларини компьютер умумий тўпламига киритади,
бунда фуқаронинг бармоқ излари олинади ва рақамли фотосуратга туширилади. Ушбу
маълумотлар асосида электрон талабнома тайёрланиб, махсус электрон тармоқ
орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат
персоналлаштириш марказига юборилади. Бу ерда электрон талабномалар асосида
ҳужжатлар персоналлаштирилади, яъни биографик маълумотлар паспортни визуал текшириш
зонасига, биографик ва биометрик ахборот эса чипга киритилади. Таъкидлаш
керакки, биометрик паспортлар энг замонавий ахборот технологиялари асосида
тайёрланади ва барча халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради.
Тайёр биометрик ҳужжатлар ҳудудий биометрик маълумотларни
йиғиш пунктларига махсус почта воситалари орқали етказилади. Ҳужжат фақат
верификация жараёни, яъни эгасининг биометрик параметрлари ҳужжатга туширилган
маълумотларга мослиги тизимда текширилгандан сўнггина эгасига топширилади.
– Янги намунадаги паспорт амалдаги паспортдан электрон чипдан ташқари яна
нимаси билан фарқ қилади, унга қандай белгилар киритилади?
– Биометрик маълумотли паспортлар ИКАО тавсияларига мувофиқ
белгиланган намуналар бўйича тайёрланмоқда ва лотин графикасидан фойдаланган
ҳолда ўзбек ва инглиз тилида, Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун
қорақалпоқ, ўзбек ҳамда инглиз тилларида персоналлаштирилади. Унга базавий
маълумотлардан ташқари қатор қайдлар киритилади. Эгасининг ҳарбий хизматга
мажбурлиги, никоҳнинг рўйхатга олингани ёки бекор қилингани, рўйхатга қўйилгани
ёки чиққани ҳақидаги қайдлар, чет элга чиқиш, Ўзбекистон Республикаси давлат
чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги белгилар шулар жумласидандир. Паспорт
саҳифалари эскисига қараганда кўп бўлиб, уларга мамлакатдан чиқиш ва хорижий
давлатларга кириш учун рухсат берувчи виза қайдлари қўйилади. Бундан ташқари,
янги паспортдаги фотосурат энди ёпиштирилмасдан, балки паспортга босмалаш
орқали туширилади, бу унинг қалбакилаштиришдан ҳимоялаш даражасини оширади.
– Хорижда яшаётган фуқароларимиз биопаспортни қаердан олишлари мумкин?
– Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик
муассасаларида доимий ва вақтинча консуллик рўйхатига олинган фуқаролар
паспортни расмийлаштириш учун консуллик муассасаси биометрик маълумотларни
йиғиш пунктига мурожаат қилишлари мумкин. Янги паспортни олиш учун белгиланган
шаклдаги ариза, илгари берилган паспорт, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома
(биринчи марта паспорт расмийлаштирилаётганда), 35x45 миллиметр ўлчамдаги
фотосурат, паспортни йўқотиб қўйганда унинг йўқотиб қўйилганлиги ҳақидаги
маълумотнома, консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар тўланганлиги ҳақида
квитанцияни тақдим этадилар.
– Кейинги пайтларда абитуриентлар, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда
ўқишни давом эттириши лозим бўлган ёшларимиз ва уларнинг ота-оналари орасида
жорий йил олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларига ҳужжатларини
топширадиган фуқароларимиздан қабул комиссияларида фақат биометрик паспорт
талаб қилинаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тез-тез учрамоқда...
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январда
қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга
доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистон
Республикаси фуқаросининг амалдаги паспорти 2015 йил 31 декабргача ҳақиқийлиги
белгилаб қўйилган. Шунга асосан, олий ўқув юртларига ҳужжат топшираётган
абитуриентлардан, бошқа таълим муассасаларига ўқишга кираётган фуқароларимиздан
биопаспорт талаб қилиш ушбу фармон талабларига зиддир. Амалдаги нобиометрик
паспорти ҳақиқий бўлган фуқаролар ўқув юртларига ўша паспорт асосида ҳужжат
топширишлари, ўқишга киришлари мумкин.
– Хорижга чиқиш учун авиакассадан чипта олгани борган фуқаролардан ҳам
биопаспорт талаб қилинаётган ҳолатларни қандай изоҳлайсиз?
– Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, фуқароларнинг амалдаги
нобиометрик паспортлари 2015 йил 31 декабргача ҳақиқий ҳисобланади ва фуқаролар
амалдаги паспортлари асосида авиа ва темир йўл чипталарини сотиб олишлари
мумкин. Шунга кўра, паспортининг амал қилиш муддати тугамаган фуқародан
авиакассадан чипта олишда биопаспорт талаб қилиш қонунга зид.
– Хорижий мамлакатларга чиқишга рухсат ёзувини (стикерни) янгилаш ниятидаги
фуқаролар аввал биопаспорт олиши шартми?
– Нобиометрик паспортга эга бўлган фуқаронинг амалдаги
паспортига (биометрик паспортни олмаган ҳолда) чет элга чиқиш рухсат ёзуви
расмийлаштириб берилиши мумкин. Бу борада яна шуни айтиб ўтиш жоизки, фуқаро
боришни режалаштираётган муайян хорижий мамлакат қонунчилиги тақозо этган
тақдирда ушбу давлат элчихонаси ёки консуллик идораси виза расмийлаштириб бериш
учун фуқародан биометрик паспорт талаб қилишга ҳақлидир.
– Пенсия, нафақа пули, ойлик маош кабиларни бериш учун фуқаролардан биометрик
паспорт талаб қилинадими?
– Йўқ. Пенсия, нафақа пули, ойлик маош ва бошқаларни олиш
учун фуқаролардан биометрик паспорт талаб қилиш бутунлай асоссиз.
– ФҲДЁ бўлимларида никоҳдан ўтиш ниятида бўлган фуқаролар биометрик паспортга
эга бўлишлари шартми?
– Ҳақиқий паспортга эга фуқаролар никоҳдан ўтишлари учун
биометрик паспортга эга бўлишлари шарт эмас. Фуқаролар ҳам биометрик паспорт,
ҳам амалдаги нобиометрик паспорт асосида ФҲДЁ ҳамда нотариал идораларига
мурожаат этишлари, ишга жойлашишлари, паспорт асосида бажариладиган ҳар қандай
ҳаракатни амалга оширишлари мумкин.
– Муддатсиз паспортга эга бўлган фуқаролар биометрик паспорт олишлари шартми?
– Президентимизнинг номи юқорида қайд этилган фармони
талабларига мувофиқ паспорт олиш ёшига етган барча фуқаролар 2015 йилнинг 31
декабрига қадар биометрик паспорт олишлари зарур.
– Фуқароларимиз орасида биометрик паспорт ҳам алмаштирилиши мумкин экан, деган
гаплар қулоққа чалинмоқда. Бунга нима дейсиз?
– Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти
жаҳон стандартлари ҳамда андозалари асосида ишлаб чиқилган. Янги паспортлар
амал қилиш муддати тугагунга қадар муомалада бўлади. Шуни алоҳида айтиб ўтиш
жоизки, Ўзбекистон Республикаси фуқароси биометрик паспорти намуналари
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан дипломатик каналлар
орқали дунёнинг барча мамлакатига юборилган ва ҳозирги кунда биометрик
паспортга эга бўлган фуқароларимиз ҳам ҳеч қандай тўсиқларсиз дунёнинг барча
мамлакатида ҳаракатланмоқдалар.
Манба: ЎзА